23-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
2-ҚЎШИҚ Исмингдир Яҳова
Яҳованинг исми сиз учун қанчалик муҳим?
Яҳова бундай демоқда: «Сизлар Менинг шоҳидларимсиз». (ИШАЁ 43:10)
АСОСИЙ ФИКР
Яҳованинг исмини муқаддас қилиш ва оқлашда тутган ўрнимизни кўриб чиқамиз.
1, 2. Яҳованинг исми Исо учун муҳим эканини қаердан биламиз?
ЯҲОВАНИНГ исми Исо учун жуда муҳим аҳамиятга эга. У Отасининг исмини ҳимоялайдиган асосий шахсдир. Ўтган мақолада билиб олганимиздай, Исо Отаси муқаддас эканини ва Унинг барча йўллари тўғри эканини исботлаш учун ўлишга ҳам тайёр бўлган. (Марк 14:36; Иброн. 10:7–9) Минг йиллик бошқарувидан сўнг Исо Яҳованинг исми оқланиши учун бутун ҳокимиятни тайёрлик ила Отасига қайтаради. (1 Кор. 15:26–28) Исонинг Худо исмига бўлган севгиси, шунингдек, Отаси билан бўлган муносабатлари ҳақида кўп нарсани очиб беряпти. Шак-шубҳасизки, бу Исо мазкур исм ортида турган Шахсни севишини исботлаяпти.
2 Исо ер юзига Отасининг номидан келган. (Юҳан. 5:43; 12:13) У Отасининг исмини издошларига маълум қилган. (Юҳан. 17:6, 26) У таълим берганда ва мўъжизалар яратганда буни Яҳованинг номидан қилган. (Юҳан. 10:25) Ибодатида Исо Яҳовадан номи ҳаққи шогирдларини ҳимоя қилишни сўраган. (Юҳан. 17:11) Кўриняптики, Исо учун Худонинг исми ҳамма нарсадан муҳимроқ бўлган. Унда қанақасига ўзини Масиҳнинг чинакам издоши деб даъво қилаётган киши унинг Отасининг исмини билмаслиги ё уни қўлламаслиги мумкин?
3. Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?
3 Исонинг изидан юришга интилаётган масиҳийлар сифатида Отасининг исмини қадрлаймиз. (1 Бутр. 2:21) Мазкур мақолада «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар»ни эълон қилаётганлар қай йўсин Яҳованинг исми билан аталганини билиб оламиз. (Мат. 24:14) Шунингдек, ҳар биримиз учун Яҳованинг исми қанчалик муҳим бўлиши кераклигини кўриб чиқамиз.
ТАНГРИНИНГ «ИСМИ БИЛАН АТАЛАДИГАН ХАЛҚ»
4. а) Осмонга кўтарилишидан сал олдин Исо шогирдларига қандай вазифа берган? б) Бу вазифа туфайли қандай савол туғиляпти?
4 Осмонга кўтарилишидан сал олдин Исо шогирдларига шундай деган: «Устингизга муқаддас руҳ тушганда, сизлар кучга тўлиб, Қуддусда, бутун Яҳудия ҳамда Самарияда ва ҳатто ернинг четларига қадар менинг шоҳидларим бўласизлар». (Ҳавор. 1:8) Шунга хушхабар нафақат Исроилда, балки ҳамма ерда ваъз қилиниши керак эди. Натижада, барча халқлардан бўлган одамлар Исонинг издоши бўлиш имконига эга бўлишарди. (Мат. 28:19, 20) Бироқ Исо: «Менинг шоҳидларим бўласизлар»,— деб айтган. Бу янги шогирдлар Яҳованинг исмини билишлари керак эдими ёки фақат Исонинг шоҳидлари бўлишлари керакмиди? Ҳаворийлар 15-бобда айтилган воқеалар бу саволга жавоб топишимизга ёрдам беради.
5. Қуддусдаги ҳаворийлар ва оқсоқоллар барча одамлар Яҳованинг исмини билиши кераклигини қандай кўрсатишган? (Расмга ҳам қаранг.)
5 Мил. 49 йили Қуддусдаги ҳаворийлар ва оқсоқоллар ўзга халқ вакиллари масиҳий бўлиш учун суннат қилиниши керак ёки йўқлигини муҳокама қилиш мақсадида йиғилишган. Муҳокаманинг охирида Исонинг укаси Ёқуб шундай деган: «[Бутрус] бизга Аллоҳ бошқа халқларни ҳам қабул қилаётгани ҳақда айтиб берди. Демак, Тангри Ўз исми билан аталадиган халқни ўзга халқ вакилларидан ҳам танлаётган экан». Амос пайғамбарнинг сўзларидан иқтибос келтириб, у яна шундай деган: «“Қолган одамлар, барча халқлардан чиққан ва Менинг исмим билан аталган кишилар билан бирга Мени, Яҳовани астойдил излашсин”,— демоқда Яҳова». (Ҳавор. 15:14–18) Бу янги шогирдлар нафақат Яҳова ҳақида билим олишлари, балки Унинг исми билан аталишлари ҳам керак эди. Бу шуни англатганки, улар Худонинг исмини бошқаларга маълум қилиши ҳамда одамлар уларни бу исм билан таниши керак бўлган.
Биринчи асрда етакчи кенгашдаги биродарлар учрашганида масиҳийлар Тангрининг исми билан аталадиган халқ бўлиши кераклигини аниқ тушунишган (5-хатбошига қаранг.)
6, 7. а) Исо нега ер юзига келган? б) У ер юзига келганининг янада муҳимроқ сабаби нимада бўлган?
6 Исо исми «Яҳова — Нажот» деган маънони англатади ва Яҳова Исо орқали Ўзига ва Ўғлига ишонадиган барчани қутқаради. Исо инсоният учун ўз ҳаётини қурбон қилиш мақсадида ер юзига келган. (Мат. 20:28) Тўлов бериб Исо инсониятга қутқарилиш ва абадий ҳаётга эга бўлиш имконини берди. (Юҳан. 3:16)
7 Лекин инсоният тўловга нега муҳтож эди? Адан боғида юз берган воқеа сабабли. Олдинги мақолада айтилганидай, илк ота-онамиз Одамато ва Момоҳаво Яҳовага қарши исён кўтаришган ва абадий яшаш имконидан маҳрум бўлишган. (Ибт. 3:6, 24) Бироқ гуноҳкор инсоният қутқарилишидан ҳам муҳимроқ масала бор эди. Яҳованинг исми туҳмат остида қолганди. (Ибт. 3:4, 5) Шунга Одамато ва Момоҳаво авлодларининг қутқарилиши каттароқ масала — Яҳованинг исми муқаддас қилиниши билан боғлиқ эди. Исо Яҳованинг номидан келгани ва Унинг иродасини мукаммал даражада бажаргани учун у Яҳованинг исмини муқаддас қилишда муҳим ўрин эгаллаган.
Исо учун Худонинг исми ҳамма нарсадан муҳимроқ бўлган. Унда қанақасига ўзини Масиҳнинг чинакам издоши деб даъво қилаётган киши унинг Отасининг исмини билмаслиги ё уни қўлламаслиги мумкин?
8. Исога ишонадиган барча нимани тан олиши керак?
8 Исога ишонадиган барча — ҳам яҳудийлар, ҳам ўзга халқ вакиллари нажот Манбаи сифатида Исонинг Отаси Тангри Яҳовани тан олишлари керак эди. (Юҳан. 17:3) Бундан ташқари, улар Исо каби Яҳованинг исми билан аталишарди. Улар, шунингдек, бу исмнинг муқаддас қилиниши муҳимлигини тушунишлари лозим эди. Уларнинг нажотга эришиши шунга боғлиқ эди. (Ҳавор. 2:21, 22) Демак, Исонинг барча садоқатли издошлари Яҳова ва Исо тўғрисида билим олишлари даркор эди. Шунга Исо Юҳанно 17-бобда ёзилган ибодатини қуйидаги сўзлар билан якунлагани ажабланарли эмас: «Мен исмингни уларга маълум қилдим ва яна маълум қиламан, токи мени қандай севган бўлсанг, улар ҳам шундай севгини намоён этишсин ва мен улар билан бирликда бўлайин». (Юҳан. 17:26)
«СИЗЛАР ШОҲИДЛАРИМСИЗ»
9. Яҳованинг исми биз учун муҳим эканини қай йўсин кўрсата оламиз?
9 Юқорида муҳокама қилганларимиздан кўриняптики, Исога эргашиш учун Яҳованинг исмини муқаддас қилишимиз зарур. (Мат. 6:9, 10) Биз учун Худонинг исми ҳамма нарсадан муҳимроқ бўлиши лозим. Буни амалда кўрсатишимиз керак. Бироқ Яҳованинг исмини муқаддас қилишга ёки уни Шайтоннинг туҳматларидан оқлашга қай йўсин ҳисса қўша оламиз?
10. Ишаё китобининг 42–44-бобларида мажозий маънодаги қандай суд тасвирланган? (Ишаё 43:9; 44:7–9) (Расмга ҳам қаранг.)
10 Яҳованинг исмини муқаддас қилишда тутган муҳим ўрнимиз Ишаё китобининг 42–44-бобларида ёзилган. Ушбу бобларда ким ҳақ худо эканига оид иш мажозий маънодаги судда кўриб чиқилаётгани тасвирланган. Яҳова ўзини худо деб даъво қилган барчадан улар ҳақ худо эканини исботлашни талаб қиляпти. У, шунингдек, гувоҳларни чақириб, бу худоларнинг даъвосини исботлашни сўраяпти. Бироқ бундай гувоҳлар йўқ! (Ишаё 43:9; 44:7–9 ни ўқинг.)
Мажозий маънодаги судда турли йўллар орқали шоҳидлик беряпмиз (10-, 11-хатбошиларига қаранг.)
11. Ишаё 43:10–12 га кўра, Яҳова халқига нима деяпти?
11 Ишаё 43:10–12 ни ўқинг. Яҳова халқи тўғрисида шундай деяпти: «Сизлар шоҳидларимсиз,... Мен эса Худоман». Яҳова улардан мана бу саволга жавоб беришни сўраяпти: «Мендан бошқа Худо борми?» (Ишаё 44:8) Шунга бизда бу саволга жавоб бериш шарафи бор. Сўзларимиз ва ишларимиз орқали Яҳова танҳо ҳақ Худо экани тўғрисида шоҳидлик берамиз. Унинг исми бошқа барча исмлардан юксакдир. Шайтон бизни не кўйга солса ҳам, ҳаёт тарзимиз билан Яҳовани чинакамига севишимизни ва унга содиқ эканимизни исботлай оламиз. Бу Унинг исмини муқаддас қилишга ҳиссамизни қўшиш имконини беради.
12. Ишаё 40:3, 5 даги башорат қандай амалга ошган?
12 Яҳованинг исмини муқаддас қилсак, Исо Масиҳга тақлид қилган бўламиз. Ишаё кимдир «Яҳовага йўл... [ҳозирлашини]» ҳам башорат қилган. (Ишаё 40:3) Бу башорат қай йўсин амалга ошган? Сувга чўмдирувчи Яҳё Яҳованинг номидан келган ва Яҳованинг номидан гапирган Исога йўл ҳозирлаган. (Мат. 3:3; Марк 1:2–4; Луқо 3:3–6) Ўша башоратда яна шундай дейилган: «Яҳованинг улуғворлиги намоён бўлади». (Ишаё 40:5) Бу қандай юз берган? Исо ер юзига келганида, Отасининг шахсиятини шунчалик мукаммал акс эттирганки, худди Яҳованинг Ўзи ер юзига келгандай бўлган. (Юҳан. 12:45)
13. Исога қай йўсин тақлид қила оламиз?
13 Исо каби биз ҳам Яҳованинг шоҳидларимиз. Яҳованинг исми билан аталамиз ва биз учратган барчага Унинг ажойиб ишлари тўғрисида айтамиз. Яҳова ҳақида яхши шоҳидлик бериш учун Исо Худонинг исмини муқаддас қилиш мақсадида бажарган ҳамма ишлар тўғрисида ҳам одамларга айтишимиз керак. (Ҳавор. 1:8) Исо Яҳованинг энг зўр Шоҳиди ва биз унинг ўрнагига тақлид қиламиз. (Ваҳ. 1:5) Яҳованинг исми биз учун муҳим эканини яна қандай кўрсата оламиз?
ЯҲОВАНИНГ ИСМИ БИЗ УЧУН МУҲИМ ЭКАНИНИ КЎРСАТИШНИНГ БОШҚА ЙЎЛЛАРИ
14. Забур 105:3 га биноан, Яҳованинг исми тўғрисида қандай фикрдамиз?
14 Яҳованинг исми билан фахрланамиз. (Забур 105:3 ни ўқинг.) Яҳова Унинг исми билан мақтанганимизда жуда қувонади. (Ерм. 9:23, 24; 1 Кор. 1:31; 2 Кор. 10:17) Яҳова билан мақтаниш У Худойимиз эканидан фахрланишни англатади. Яҳова муқаддас ва Унинг барча ишлари тўғри экани ҳақида бошқаларга айтиш биз учун катта шараф. Ҳамкасбларимизга, синфдошларимизга, қўшниларимизга ва бошқаларга Яҳованинг Шоҳидлари эканимиз тўғрисида айтишдан асло уялмаслигимиз лозим! Иблис Яҳованинг исми ҳақида айтишдан тўхташимизни истайди. (Ерм. 11:21; Ваҳ. 12:17) Дарҳақиқат, Шайтон ва унинг сохта пайғамбарлари одамлар Яҳованинг исмини унутишини хоҳлашади. (Ерм. 23:26, 27) Бироқ Яҳованинг исмига бўлган севгимиз бизни ҳар фурсатдан фойдаланиб, Уни шарафлашга ундайди. (Заб. 5:11; 89:16)
15. Яҳованинг исмини айтиб чақириш нимани англатади?
15 Яҳованинг исмини айтиб чақиришда давом этамиз. (Йўэл 2:32; Рим. 10:13, 14) Яҳованинг исмини айтиб чақириш Худонинг шахсий исмини билишдан ва уни қўллашдан кўпроғини ўз ичига олади. Биз Худони Шахс сифатида таниб-биламиз, Унга ишонамиз ва Ундан ёрдам ҳамда йўл-йўриқ излаймиз. (Заб. 20:7; 99:6; 116:4; 145:18) Биз, шунингдек, Унинг исми ва фазилатларини бошқаларга эълон қиламиз, улар Яҳованинг розилигини олиши учун уларни тавба қилишга ва ҳаётига ўзгаришлар киритишга ундаймиз. (Ишаё 12:4; Ҳавор. 2:21, 38)
16. Шайтон ёлғончи эканини қандай исботлай оламиз?
16 Яҳованинг номи учун қийинчиликларни бошдан кечиришга тайёрмиз. (Ёқб. 5:10, 11) Қийинчиликлар пайтида Яҳовага садоқатли қолсак, Шайтон ёлғончи эканини исботлаймиз. Аюб яшаган даврда Шайтон Яҳовага хизмат қиладиганларга қуйидагича айблов қўйган: «Инсон ўз жонини сақлаш учун бор нарсасини беради». (Аюб 2:4) Шайтон одамлар ўзига яхши бўлгандагина Яҳовага хизмат қилади ва агар улар қийинчиликларга дуч келса, Ундан юз ўгиради, деб даъво қилган. Садоқатли Аюб пайғамбар бу айблов ёлғон эканини исботлаган. Бизда ҳам Шайтон нимаики қилмасин, Яҳовадан асло юз ўгирмаслигимизни исботлаш шарафи бор. Шунга амин бўлишимиз мумкинки, Яҳова исми ҳаққи бизни ҳимоялашда давом этади. (Юҳан. 17:11)
17. 1 Бутрус 2:12 га кўра, Яҳованинг исмини яна қандай улуғлай оламиз?
17 Яҳова исмига ҳурмат кўрсатамиз. (Ҳик. 30:9; Ерм. 7:8–11) Одамлар бизни Яҳованинг Шоҳидлари деб билгани сабабли ишларимиз билан Унинг исмига шараф ёки иснод келтиришимиз мумкин. (1 Бутрус 2:12 ни ўқинг.) Шунга қўлимиздан келганча сўзларимиз ва хатти-ҳаракатларимиз орқали Яҳовани шарафлашни истаймиз. Шундай йўл тутсак, номукаммал бўлсак-да, Яҳованинг исмини улуғлай оламиз.
18. Яҳованинг исми биз учун муҳим эканини исботлашнинг яна бир йўли қандай? (Изоҳга ҳам қаранг.)
18 Ўз обрўйимиздан кўра Яҳованинг исми учун кўпроқ қайғурамиз. (Заб. 138:2) Нега бу шунчалик муҳим? Яҳованинг исмига бўлган севгимиз туфайли атрофимиздаги одамлар орасида обрўйимизга путур етиши мумкинa. Исо Яҳованинг исмини улуғлаш учун жиноятчи сифатида шармандали ўлим топишга тайёр бўлган. «Шарманда бўлишига қарамай», Исо бошқалар у ҳақда нима деб ўйлашидан қаттиқ ташвишланмаган. (Иброн. 12:2–4) У диққатини Яҳованинг иродасини бажаришга қаратган. (Мат. 26:39)
19. Яҳованинг исми ҳақида қандай фикрдасиз ва нега?
19 Яҳованинг исми билан фахрланамиз ва Яҳованинг Шоҳидлари деб аталишни шараф деб биламиз. Шу сабабдан ҳар қандай ҳақоратга чидашга тайёрмиз. Яҳованинг исми биз учун ўз обрўйимиздан ҳам муҳимроқ. Шундай экан, Шайтон бизни не кўйга солса ҳам, Яҳованинг исмини шарафлашда давом этиш қароримиз қатъий бўлсин. Шу йўсин Исо Масиҳ учун бўлганидек, биз учун ҳам Худонинг исми жуда муҳим эканини исботлаймиз.
10-ҚЎШИҚ Аллоҳимиз Яҳовани улуғланг!
a Ҳатто садоқатли Аюб ҳам учта дўсти унинг обрўйига путур етказганда, одамлар у ҳақда нима деб ўйлашидан қаттиқ хавотирлана бошлади. Аввалига, фарзандлари ва мол-мулкини йўқотганида «Аюб гуноҳ қилмади ва Худони айбламади». (Аюб 1:22; 2:10) Бироқ Аюб нотўғри иш қилишда айбланганида оғзидан «аҳмоқона сўзлар» чиқди. У ўз обрўйини ҳимоя қилишни Худонинг исмини муқаддас қилишдан устун қўйди. (Аюб 6:3; 13:4, 5; 32:2; 34:5)