«Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз. Таълим дастури» учун манбалар
7–13 ИЮЛЬ
АЛЛОҲ КАЛОМИДАГИ ХАЗИНАЛАР ҲИКМАТЛАР 21
Бахтли никоҳ учун доно маслаҳатлар
13 Учрашиш қанча вақт давом этиши керак? Шошиб чиқарилган қарорлар кўпинча ёмон оқибатларга олиб келади. (Ҳик. 21:5) Шундай экан, ўша инсон билан яқиндан танишиш учун етарлича вақт давомида учрашиш керак. Бироқ керагидан ортиқ учрашиш ҳам тўғри бўлмайди. Зеро Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Узоқ ушалмаган умид юракни эзади». (Ҳик. 13:12) Бундан ташқари, бирга қанча кўп вақт ўтказсангиз, жинсий ахлоқсизлик васвасасига берилиш шунча осон бўлади. (1 Кор. 7:9) Қанча вақтдан бери учрашаётганингизга диққат қаратишнинг ўрнига ўзингиздан шундай сўранг: «Қарор чиқариш учун ўша инсон ҳақида яна ниманидир билишим керакми?»
3 Яҳова никоҳни эр-хотин бирга бахтли бўлиши учун яратган. Ҳамма номукаммал бўлгани учун келишмовчиликлар бўлиб туриши эҳтимолдан йироқ эмас. Дарҳақиқат, Павлус турмуш қурганлар муайян қийинчиликларга учраши мумкинлиги ҳақида ёзган эди. (1 Кор. 7:28) Айримлар турмуш ўртоғи билан доим жанжаллашгани туфайли «Турмуш қурмасак бўларкан» деб ўйлайди. Борди-ю, улар бу дунёнинг таъсирига берилса, ажралишни ягона ечим деб ўйлай бошлашлари мумкин. Улар энг муҳими ўзига яхши бўлишини исташади.
4 «Никоҳимиз барбод бўлди» деган фикрдан қочишимиз керак. Муқаддас Китобга кўра, фақат жинсий ахлоқсизлик ажралиш учун асос бўлиши мумкинлигини биламиз. (Мат. 5:32) Шундай экан, Павлус ёзганидай қийинчиликларга дуч келсак, мағрурликка берилиб, қуйидагича ўйламаслигимиз керак: «Турмуш ўртоғим менга ғамхўрлик қилмаяпти. Менга ўзим лойиқ бўлган севги кўрсатилмаяпти. Балки бошқа одам билан турмуш қурганимда бахтлироқ бўлардим». Бундай фикрларга борсак, турмуш ўртоғимиз эмас, фақат ўз ҳақимизда ўйлаётган бўламиз. Бу дунёнинг донолиги қалбингизга қулоқ солишга ва бу никоҳингизга чек қўйишни англатса ҳам, фақат ўз бахтингизни ўйлашга ундайди. Аллоҳ эса: «Нафақат ўзингизнинг, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзланглар»,— деб айтган. (Филип. 2:4) Яҳова никоҳингизга чек қўйишингизни эмас, уни сақлаб қолишингизни истайди. (Мат. 19:6) Худо энг аввало ўз ҳақингизда эмас, У ҳақда ўйлашингизни хоҳлайди.
5 Эр-хотин бир-бирига севги ва ҳурматни намоён этиши лозим. (Эфесликларга 5:33 ни ўқинг.) Муқаддас Китоб диққатимизни олишдан кўра беришга қаратишимиз кераклигига ўргатяпти. (Ҳавор. 20:35) Турмуш ўртоқлар севги ва ҳурматни намоён этишига қайси фазилат ёрдам беради? Бу камтарликдир. Камтар эру хотинлар фақат «ўзининг эмас, ўзганинг манфаатини» кўзлашади. (1 Кор. 10:24)
13 Турмуш ўртоқларнинг ёмон муносабати дастидан никоҳ хавф остида қолган бўлса-чи? Вазиятнинг ечимини топиш ҳаракат талаб этади. Эҳтимол, эру хотин қўпол сўзларни айтишга одатланиб қолишгандир. (Ҳикматлар 12:18) Ўтган мақолада кўриб чиқилганидай, бу ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Муқаддас Китобда: «Уришқоқ ва баджаҳл хотин билан яшагандан кўра чўлу биёбонда яшаш яхшироқ»,— деб айтилган. (Ҳикматлар 21:19) Шу сабабли хотин ўзидан: «Эримнинг мен билан чиқишиши осонми?» — деб сўраши керак. Муқаддас Китоб эрларга: «Хотинларингизни севинглар, уларга қўпол муомалада бўлманглар»,— деб маслаҳат беради. (Колосаликларга 3:19) Эрлар ҳам ўзларидан: «Менинг совуқ муносабатим хотинимни четдан тасалли қидиришга ундамаяптими?» — деб сўрашлари даркор. Бинобарин, жинсий ахлоқсизликни оқлашга асос йўқ. Аммо бундай фожиа юз бериши эҳтимолдан йироқ эмас, шунинг учун ҳаммасини очиқ-ойдин муҳокама қилишга барча сабаблар бор.
Маънавий марваридлар
9 Сабр-тоқат яхшироқ қарорлар чиқаришимизда ҳам асқатади. Шошқалоқ бўлишнинг ёки ўйламай йўл тутишнинг ўрнига изланиш учун вақт ажратиб, барчасини тарозига солиб кўрамиз. (Ҳикматлар 21:5 ни ўқинг.) Масалан, иш қидираётган бўлсак, бу ҳатто Яҳовага топинишимизга халақит берса ҳам, пайдо бўлган биринчи ишга рози бўлишга мойил бўлармиз. Бироқ сабр-тоқатли бўлсак, у қаерда жойлашгани, унга қанча вақт кетиши ва оиламизга ҳамда Яҳова билан бўлган муносабатларимизга қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида яхшилаб ўйлаб кўрамиз. Сабр-тоқатли бўлсак, нотўғри қарорлар чиқаришдан ўзимизни асрай оламиз.
14–20 ИЮЛЬ
АЛЛОҲ КАЛОМИДАГИ ХАЗИНАЛАР ҲИКМАТЛАР 22
Фарзанд тарбиясига оид доно маслаҳатлар
7 Оила қурган ва фарзандли бўлишни хоҳлаётган бўлсангиз, ўзингиздан шундай деб сўранг: «Яҳовани ҳамда Унинг Каломини севадиган камтарин инсонмизми? Янги туғиладиган қадрли чақалоққа ғамхўрлик қилиш учун Яҳова бизни танлайдими?» (Заб. 127:3, 4) Фарзандингиз бор бўлса, ўзингиздан қуйидагича сўранг: «Меҳнатсевар бўлиш муҳимлигини боламга ўргатяпманми?» (Воиз 3:12, 13) «Шайтоннинг дунёсида дуч келиши мумкин бўлган жисмоний ва ахлоқий зарардан боламни ҳимоя қилиш учун жон куйдиряпманми?» (Ҳик. 22:3) Фарзандингизни у дуч келиши мумкин бўлган барча қийинчиликлардан ҳимоя қила олмайсиз. Буни қилиш имконсиздир. Бироқ Худонинг Каломидан маслаҳат излашга ўргатиш орқали уни аста-секин ва севги ила ҳаётнинг ўнқир-чўнқирларига тайёрлай оласиз. (Ҳикматлар 2:1–6 ни ўқинг.) Масалан, яқинингиз ҳақиқатни тарк этса, Муқаддас Китоб ёрдамида фарзандингизга Яҳовага садоқатли қолиш нега муҳим эканини тушунишга кўмаклашинг. (Заб. 31:23) Ёки яқинингиз вафот этса, фарзандингизга қайғуни енгишга ва тинчликка эришишга ёрдам берадиган оятларни кўрсатинг. (2 Кор. 1:3, 4; 2 Тим. 3:16)
17 Фарзандингизга иложи борича эртароқ таълим-тарбия беришни бошланг. Ота-она фарзандига таълим-тарбия беришни қанча эрта бошласа, шунча яхши. (Ҳик. 22:6) Тимўтийнинг мисоли тўғрисида ўйлаб кўринг. У улғайгач, ҳаворий Павлус билан ҳамкорлик қилган. Тимўтийнинг онаси Эвника ва бувиси Лоида унга «чақалоқлигиданоқ» таълим берган. (2 Тим. 1:5; 3:15, изоҳ)
18 Кот-д’Ивуардаги бошқа бир жуфтлик — Жен-Клауд ва Пис олтита фарзандига ҳам Яҳовани севишни ва Унга хизмат қилишни ўргатишга муваффақ бўлди. Бунда уларга нима ёрдам берди? Улар Эвника ва Лоиданинг мисолига эргашди. Улар: «Фарзандларимиз туғилганидан кўп ўтмай, яъни чақалоқлигиданоқ қалбларига Худонинг Каломини жо қилдик»,— деб бўлишди. (Қонун. 6:6, 7)
19 Яҳованинг Каломини фарзандларнинг «қалбларига жо қилиш» нима дегани? Бу «тез-тез қайтариш орқали бирон нимани ўргатиш ёки эслатиш» дегани. Бунинг учун ота-она фарзанди билан мунтазам равишда вақт ўтказиши керак. Баъзида болага йўл-йўриқларни қайта-қайта айтишга тўғри келганидан ота-онанинг кўнгли чўкиши мумкин. Аммо ота-она буни фарзандига Худонинг Каломини тушунишга ва уни амалда қўллашга ёрдам берадиган усул деб билишга интилиши керак.
6 Жигарбандингизни тарбиялаш орқали унга бўлган севгингизни кўрсатинг. Айрим ҳолларда нега қайсидир йўл тўғри ёки нотўғри эканини тушунтиришнинг ўзи етарли бўлади. Бошқа пайт эса бола айтганингизни қилмаслиги ҳеч гап эмас. (Ҳик. 22:15) Бундай дамларда Исога тақлид қилинг. Ўринли вақт ва жойда болани севгию юмшоқлик ила тарбияланг. Шунда уни сабр-тоқат билан йўналтирасиз, таълим берасиз ҳамда тузата оласиз. Жанубий африкалик Элайн шундай деди: «Ота-онам мени изчил равишда тарбиялаб келишган. Улар ёмон хулқим нимага олиб келишидан огоҳлантиришганда, албатта бунга мувофиқ йўл тутишарди. Аммо улар менга ҳеч қачон ғазаб ила ёки нега ундай ё бундай йўл тутишаётганини тушунтирмай таълим-тарбия беришмаган. Натижада ўзимни хавфсиз ҳис қилардим. Мен ўз ҳаддимни билардим ва мендан нима талаб этилишини тушунардим».
Маънавий марваридлар
11 Шу сингари, бизга топширилаётган ҳар қандай вазифани енгимизни шимариб бажарсак, қувончимизга қувонч қўша оламиз. Ваъзгўйлик ишига «астойдил киришинг» ва жамоатдаги вазифаларингизни тўлақонли бажаринг. (Ҳавор. 18:5; Иброн. 10:24, 25) Йиғилишларга борар экансиз, тадқиқ қилинаётган мавзу борасида далда бахш этувчи шарҳлар тайёрланг. Ҳафта ўртасида ўтадиган учрашувларда бериладиган топшириқларни бажаришга жиддий ёндашинг. Жамоатда бирон вазифани бажаришда сиздан ёрдам сўрашса, пухта ва ўз вақтида бажаринг ҳамда ишончли бўлинг. Сизга берилган вазифани муҳим эмас ва унга вақт сарфлаш арзимайди, деб ўйламанг. Қобилиятларингизни яхшилашга интилинг. (Ҳик. 22:29) Маънавий ишлар ҳамда топшириқларни бажариш учун қанча кўп жон куйдирсангиз, шунча кўп маънан ўсасиз ва қувончингизга қувонч қўшилади. (Галат. 6:4) Қолаверса, сиз хоҳлаган шарафли вазифага бошқалар эга бўлганда, улар билан хурсанд бўла оласиз. (Рим. 12:15; Галат. 5:26)
21–27 ИЮЛЬ
АЛЛОҲ КАЛОМИДАГИ ХАЗИНАЛАР ҲИКМАТЛАР 23
Спиртли ичимликларни ичишга оид доно маслаҳатлар
Яҳова ҳаддан ортиқ кўп ичишни ва ичкиликбозликни қоралайди. (Галатияликларга 5:21) Унинг Каломида: «Шаробга ружу қўйганларга... қўшилма»,— дейилган. (Ҳикматлар 23:20) Шундай экан, кимдир билан ичамизми ёки ёлғиз ўзимизми, теран фикрлай олмайдиган, гапларимизу хатти-ҳаракатларимизни назорат қила олмайдиган ёки соғлигимизга зарар етказадиган даражада ичмаслигимиз керак. Ўзимизни тия олмасак, ичишдан воз кечишга тайёр бўлишимиз лозим.
w10 1/1 4-саҳ., 5-хб.–6-саҳ., 3-хб.
Спиртли ичимликнинг қандайдир фойдаси бўлса-да, унинг таркибида инсон танаси ва онгига кучли таъсир қилувчи моддалар борлигини ҳам эсда сақлаш лозим. Ичкиликка ружу қўйиш қуйида келтирилган муаммоларга олиб келиши мумкин.
Спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш инсоннинг соғлом фикрлаш қобилиятини тўхтатиб, «эгри фикрлар» пайдо бўлишига олиб келади. (Ҳикматлар 23:33) Юқорида исми айтиб ўтилган Аллен бу ҳақда шундай фикр билдирди: «Алкоголизм шунчаки касаллик эмас, бу инсоннинг онги ва кайфиятидаги муаммосидир. Бундай пайтда атрофдаги одамлар сизни деб жабр кўришса-да, буни тан олмаслигингиз мумкин».
Спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш ўзини тута билиш қобилиятини сусайтиради. Тавротда шароб одамни тўғри йўлдан чалғитиши тўғрисида огоҳлантириш бор. (Ҳикматлар 20:1) Қандай қилиб? Одатда маст бўлган киши назорат қилиш мумкин бўлган фикр ва истакларини жиловлай олмайди. Ҳаттоки номаъқул бўлган ишлар унга жозибали кўриниши ҳеч гап эмас. Шунингдек, покликни сақлаш истагимиз ҳам пасайиши мумкин. Хуллас, ичкиликбозлик одамнинг ахлоқий масъулиятини сусайтириб, маънан йиқилишига олиб келади.
Жоннинг мисоли бунинг яққол далилидир. У хотини билан жанжаллашади ва уйдан чиқиб, тўғри майхонага йўл олади. Ўзини тинчитиш учун эса юзта-юзта қилади. Шу пайт унинг олдига бир аёл келиб қолади. Жон ичкиликдан яна бир кўтаради-да, бориб бу аёл билан зино қилади. Кейинчалик Жон бу ишидан афсусланиб: «Агар ичкиликни оширвормаганимда бундай қабиҳликка қўл урмаган бўлардим»,— деб айтди.
Спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш нутқ ва ахлоқнинг бузилишига олиб келади. Муқаддас Китобда шундай савол берилган: «Ким жанжал қилади, шикоят қилган ким? Ким сабабсиз яраланади?» Бунинг жавобини ҳам Муқаддас Китобдан ўқиш мумкин: «Шароб ичишга берилганлар, хуш-ҳидли майни тотиб кўришга кўп борганлар». (Ҳикматлар 23:29, 30) Одам ичкиликни ошириб юборса, боши айланиб, кўнгли айниши мумкин. (Ҳикматлар 23:34) Эрталаб уйғонганида эса роса калтаклангандай ҳис қилиши ва буни ўзи ҳам эслай олмаслиги мумкин. (Ҳикматлар 23:35)
Спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш соғлиққа зарарлидир. «У илон каби чақади, қора илондай заҳар сочади». (Ҳикматлар 23:32) Бу қадимий ҳикматни тиббиёт ҳам тасдиқлаб келмоқда. Кўп миқдордаги спиртли ичимлик таркибида ҳаёт учун хавфли ҳисобланган токсин бор бўлиб, кўплаб касалликларга, жумладан, саратон, гепатит, жигар циррози, панкреатит, диабетга чалинганларда қанд моддасининг пасайиши, ҳомилага таъсир кўрсатиши, фалаж ва юрак танқислигига сабаб бўлиши мумкин. Буниси ҳали ҳолва, спиртли ичимликни фақатгина бир марта суиистеъмол қилишнинг ўзи одамни комага тушириб қўйиши, ҳатто ўлимга ҳам олиб келиши эҳтимолдан йироқ эмас. Бироқ тиббиёт маълумотномаларида ичкиликка берилишнинг энг аянчли оқибатлари ҳақида хабар берилмайди.
Энг аянчли оқибатлар. Мастликкача етиб борилмаса ҳам, ичкиликка берилиш маънавий зарар келтириши мумкин. Муқаддас Китобда ёзилишича, тонг саҳардан ичкиликни излайдиган ва кечгача майхўрлик қиладиган одамнинг ҳолига вой. Нима учун? Чунки бундайлар Худонинг иродаси ва қонун-қоидалари ҳақида ўйламай қўяди. (Ишаё 5:11, 12)
Муқаддас Ёзувларда: «Майхўрлар... орасида бўлма»,— деган огоҳлантириш бор. (Ҳикматлар 23:20) Ёши улуғ аёлларга эса «майхўрликка ружу қўймаслик» маслаҳат берилган. (Титусга 2:3) Кўпинча инсон ўзи билмаган ҳолда аста-секин, ҳам кўп, ҳам тез-тез ичадиган бўлиб қолади. Бундайлар охир-оқибат: «Қачон уйғонаман?! Яна бир ичай»,— дейдиган бўлиб қолишади. (Ҳикматлар 23:35) Агар одам эрталабдан боши оғриб, яна ичкиликка талпинадиган бўлса, у ўта хавфли йўлда турибди, деса ҳам бўлаверади.
Мабодо кимда-ким «сархушлик, айш-ишратлар, кайф-сафолар» билан кун кечирса, Худога ҳисобот бериши ҳақида Муқаддас Китобда аниқ қилиб айтилган. (1 Бутрус 4:3, 5) Қайси кунларда яшашимизни Исо олдиндан билиб, шундай огоҳлантиришларни берган: «Ўзингизни эҳтиёт қилинг! Айш қилиб, кайф суриб, ҳаётнинг ташвишлари остида бўғилиб, юракларингизни ёғ босмасин, тағин у кун [маҳшар кун] ногаҳон бошга тушиб сизни тўрга илинтирмасин!» (Луқо 21:34)
Маънавий марваридлар
6 Муқаддас Китобда соғлик ёки парҳез масаласида кўрсатмалар ёзилмаган бўлса ҳам, Яҳованинг бу борадаги нуқтаи назарини билиб олсак бўлади. Масалан, у ерда танамизга «зиён етказадиган нарсалардан узоқроқ юришимиз» кераклиги ёзилган. (Воиз 11:10) Бўкиб овқатланиш ёки спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш ҳам нотўғри эканини кўряпмиз. (Ҳик. 23:20) Қанча ейиш ва ичиш борасида қарор чиқараётиб, Яҳова ўзимизни тута билишимизни кутади. (1 Кор. 6:12; 9:25)
7 Фикрлаш қобилиятимизни ишга солиш орқали Яҳованинг ҳадяси бўлмиш ҳаётни қадрлаётганимизни кўрсата оламиз. (Заб. 119:99, 100; Ҳикматлар 2:11 ни ўқинг.) Мисол учун, нима ейиш ҳақида ўйлаётиб, ақли расо бўламиз. Агар муайян бир овқат бизга ёқса, лекин у соғлигимизга салбий таъсир қилишини билсак, онгимизни ишга солиб, уни емаймиз. Шунингдек, етарлича ухлаш, мунтазам жисмоний машқлар қилиш, гигиена қоидаларига риоя қилиш ва уйимизни озода сақлаш орқали ақл-идрокли эканимизни кўрсатамиз.
28 ИЮЛЬ–3 АВГУСТ
АЛЛОҲ КАЛОМИДАГИ ХАЗИНАЛАР ҲИКМАТЛАР 24
Қийинчиликларга бардош қилиш учун ўзингизни маънан мустаҳкамланг
15 Худонинг Каломини тадқиқ қилинг ва устида мулоҳаза юритинг. Илдизи чуқур отган дарахт мустаҳкам бўла олади. Шу каби, имонимиз кучли бўлганда қатъий тура оламиз. Дарахт ўсгани сайин, унинг илдизлари чуқурлашиб, кенг ёйила бошлайди. Биз ҳам тадқиқ қилиб, мулоҳаза юритганимизда имонимизни мустаҳкамлаймиз ва Худонинг йўллари энг аъло эканига бўлган ишончимизни оширамиз. (Колос. 2:6, 7) Яҳованинг йўл-йўриқлари, маслаҳатлари ва ҳимояси Унинг ўтмишдаги хизматчиларига қандай ёрдам бергани борасида фикр юритинг. Масалан, Ҳизқиё ваҳийда кўрган маъбадни фаришта яхшилаб ўлчаб чиққан эди. Бу ваҳий Ҳизқиёни мустаҳкамлаган ва биз ундан пок топинишда Яҳованинг меъёрларига қандай риоя қилишимиз борасида амалий сабоқлар оламиз. (Ҳиз. 40:1–4; 43:10–12) Ҳа, Худонинг Каломидаги чуқур ҳақиқатлар борасида тадқиқ ўтказишга ва мулоҳаза юритишга вақт ажратганимизда фойда оламиз.
w09 15/12 18-саҳ., 12-, 13-хб.
12 Ҳикматлар 24:10 да қуйидагича ёзилган: «Ташвишли кунда ожиз бўлганнинг кучи камдир». Ҳикматлар китобининг бошқа оятида эса: «Юрак... ғамгин бўлса — руҳ тушкундир»,— дейилган. (Ҳик. 15:13) Баъзи масиҳийлар шунчалик тушкунликка тушиб қолишадики, ҳатто Муқаддас Китобни ўқиш ва унинг устида фикр юритишни тўхтатиб қўйишади. Қолаверса, уларнинг ибодати ҳам бора-бора юзаки бўлиб, имондошларидан ажралиб юриши мумкин. Албатта, узоқ вақт давомида сиқилиб юриш ёмон оқибатларга олиб келади. (Ҳик. 18:1, 14)
13 Ҳаётимиздаги ижобий нарсалар ҳақида мулоҳаза юритсак, қувончимизни сақлаб қоламиз. Зотан, ҳазрати Довуд шундай ёзган: «Хоҳишингни бажармоқ истайман, эй Худойим». (Заб. 39:9) Дарҳақиқат, тушкунликка тушмасликнинг энг яхши йўли — хурсандчилик келтирадиган илоҳий хизматда ғайрат билан иштирок этишдир. Шунингдек, Яҳова Таоло барчамизни Муқаддас Китобни доимо ўқиб, унинг устида фикр юритишга ундамоқда. Зеро, буларнинг барчаси бахт ва севинч келтириши шубҳасиздир. (Заб. 1:1, 2; Ёқб. 1:25) Худонинг Каломи ҳамда жамоат учрашувлари орқали «ёқимли сўзларни» эшитиб, далда оламиз ва қалбимиз қувончга тўлади. (Ҳик. 12:25; 16:24)
Ҳикматлар 24:16 да: «Одил киши етти марта йиқилса ҳам, яна туради»,— дейилган. Хўш, мазкур сўзлар одам қайта-қайта гуноҳ қилса-да, Худо уни кечиришини англатадими?
Энди бу сўзлар қайта-қайта гуноҳ қиладиганларга тегишли эмас. Аксинча, улар бирин-кетин муаммолару қийинчиликларга дуч келган, аммо оёққа туриб, сабр-бардошни намоён этган одамга ишора қилади.
Шундай қилиб, Ҳикматлар 24:16 да одам гуноҳга ботиши эмас, балки муаммоларга ёки қийинчиликларга рўбарў бўлиши ва бу ҳатто қайта-қайта юз бериши мумкинлиги ҳақида гап кетган. Ушбу ёвуз дунёда одил киши соғлик билан боғлиқ ёки бошқа муаммоларга дуч келиши ҳеч гап эмас. У ҳатто давлат ходимлари томонидан таъқиб қилиниши мумкин. Аммо у Худо уни қўллаб-қувватлашига, қийинчиликка қарши курашишига ва ғалаба қозонишига ёрдам беришига ишона олади. Вазият Худо хизматчиларига фойда келтирадиган тарзда ҳал бўлганига қанчалик тез-тез гувоҳ бўлганингиз тўғрисида ўйлаб кўринг. Нега? Сабаби қуйидаги сўзлар бизга ишонч бахш этади: «Йиқилаётганларга Яҳова тиргак бўлади, қадди букилганларни эса ростлайди». (Заб. 41:1–3; 145:14–19)
Маънавий марваридлар
Муқаддас Китобда мана бундай доно маслаҳат берилган: «Ташқаридаги юмушингни бажар, даладаги барча ишларингни тартибга сол, кейин уйингни қургин». Хўш, биз бундан нимани ўргансак бўлади? Гап шундаки, ушбу маслаҳат уйланмоқчи бўлган кишига тааллуқлидир.
Қадимда «уй қурмоқчи» ёки бошқача қилиб айтганда, уйланмоқчи бўлган киши ўзига бундай савол бериши керак эди: «Бўлажак турмуш ўртоғим ва бола-чақаларимга ғамхўрлик қилишга тайёрманми?» Ҳа, турмуш қуришдан олдин, оятда айтилганидек, «даладаги барча ишларни тартибга солиш», яъни ҳаммасини ўйлаб чиқиш муҳим. Қизиқ, ушбу маслаҳат бугун ҳам амалийми?
Албатта! Уйланмоқчи бўлган одам бундай жавобгарликни зиммасига олишга тайёр бўлиши лозим. Ишлаш учун у жисмонан лаёқатли бўлиши керак. Лекин оиласини фақатгина моддий жиҳатдан таъминлаш билан кифояланмаслиги даркор. Зеро, Худонинг Каломига биноан, оила аъзоларининг жисмоний, ҳиссий ва маънавий эҳтиёжларини қондирмаган киши имондан қайтган ва ҳатто имонсиздан ҳам баттарроқ ҳисобланади! (1 Тим. 5:8) Дарвоқе, бўйдоқ йигит ўзига қуйидаги саволларни бериб кўрса оқилона бўлади: «Оила аъзоларимга моддий томондан ғамхўрлик қилишга қурбим етадими? Биргаликда Худога топиниш учун уларга бошчилик қилишга тайёрманми? Хотиним ва фарзандларим билан мунтазам равишда Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказа оламанми?» Ҳақиқатан ҳам, Аллоҳнинг Каломида шу каби масъулиятларга жуда катта урғу берилган. (Қонун. 6:6–8; Эфес. 6:4)
Шундай қилиб, уйланиш ниятида юрган йигит Ҳикматлар 24:27 даги маслаҳат борасида чуқур ўйлаб кўриши керак. Шу сингари, эрга тегмоқчи бўлган қиз ҳам: «Яхши умр йўлдош ва она бўла оламанми?» — деб ўзидан сўраши оқилонадир. Оила қуришни режалаштираётган ёки янги турмуш қурган жуфтлик эса фарзандларни вояга етказиш билан боғлиқ бўлган жавобгарликни бўйнига олиш тўғрисида фикр юритиб кўрса бўлади. (Луқо 14:28) Худойи Таолонинг хизматчилари шу каби доно панд-насиҳатларга мувофиқ умр кечириб, анчагина муаммоларнинг олдини олибгина қолмай, балки оилавий ҳаётнинг қут-баракаларидан ҳам баҳраманд бўладилар.
4–10 АВГУСТ
АЛЛОҲ КАЛОМИДАГИ ХАЗИНАЛАР ҲИКМАТЛАР 25
Донолик ила гапиришимизга ёрдам берадиган Муқаддас Китобдаги маслаҳатлар
6 Ҳикматлар 25:11 да: «Ўз ўрнида айтилган сўз тилла узукка қўйилган ёқут кўздайдир»,— деб айтилган. Бу сўзлар гапиришнинг вақтини танлаш муҳим эканини яққол тасвирлаб беряпти. Ёқут тошнинг ўзи бетакрор кўринишга эга. Аммо уни тилла узукка қўйса, чиройига чирой қўшилади. Шу каби, қачон гапириш ва қачон сукут сақлашни яхши билсак, нутқимиз янада ёқимли ва таъсирчан бўлади. Қандай қилиб?
7 Тўғри, сўзларимиз тингловчилар учун айни муддао бўлиши мумкин. Аммо қачон гапириш кераклигини эътиборга олмасак, сўзларимиздан ҳеч қандай наф бўлмайди. (Ҳикматлар 15:23 ни ўқинг.) Масалан, 2011 йил март ойида Япониянинг шарқида қаттиқ зилзила ва ҳалокатли цунами юз берди. Оқибатда бу ҳудуддаги кўпгина шаҳарлар бутунлай вайрон бўлди. 15 000 дан зиёд одам ҳаёти билан видолашди. Гарчи Яҳованинг Шоҳидлари қўни-қўшнилари қатори бу фалокат дастидан жабр кўрган бўлишса-да, улар қайғу чекаётган инсонларга Муқаддас Китобдан далда бериш имконини қўлдан бой беришмади. Маҳаллий аҳолининг аксарияти будда динига чуқур эътиқод қилади ва Муқаддас Китоб таълимотлари ҳақида оз-моз ёки умуман тушунчага эга эмас. Имондошларимиз цунами бўлганига ҳеч қанча вақт ўтмасдан, яқинларидан жудо бўлганларга тирилиш умиди ҳақида гапиришнинг мавриди эмаслигини фаҳмлашди. Шунинг учун улар Муқаддас Китоб ёрдамида нега бегуноҳ инсонлар билан бундай даҳшатли нарсалар содир бўлаётганини тушунтириб, атрофдагиларга далда беришди.
w15 15/12 21-саҳ., 15-, 16-хб.
15 Қандай оҳангда гапириш нима ҳақда сўзлашдек муҳим аҳамиятга эга. Исо она шаҳри Носирадаги ибодатхонада нутқ сўзлаганида, одамлар «унинг нақадар ёқимли сўзлар айтганидан ҳайрон қолишган». (Луқо 4:22) Ёқимли сўзлар нутқимиз қудратини заифлаштирмай, аксинча, юракларга малҳамдек бўлади. Дарҳақиқат, мулойим сўзлар нутқимизни янада ишончли қилади. (Ҳик. 25:15) Биз ҳам меҳрибон ва хушмуомала бўлиб, бошқаларнинг ҳис-туйғуларини инобатга олсак, Исонинг ўрнагига эргашган бўламиз. Одамлар унинг сўзларини тинглашга ошиқаётганини кўриб, Исо уларга ачинди ва «кўп нарсаларни ўргата бошлади». (Марк 6:34) Қолаверса, у ҳақоратга ҳақорат билан жавоб бермаган. (1 Бутр. 2:23)
16 Оила аъзоларимиз ҳамда жамоатдаги яқин дўстларимиз билан мулойим ва хушмуомала тарзда гапириш қийин кечиши мумкин. Уларга хаёлимизга келганини тўғридан-тўғри гапиришга мойилмиз. Исо шогирдлари билан яқин дўст бўлса ҳам, бетгачопарлик қилиб гапиришни ўзига эп кўрганми? Асло. Шогирдлар ўзаро ким буюк экани борасида баҳслашганда, Исо кичкина боланинг мисолини келтириб, уларни мулойимлик ила тузатган. (Марк 9:33–37) Оқсоқоллар ҳам Исога тақлид қилиб, «мулойимлик билан» маслаҳат беришади. (Галат. 6:1)
10 Бошқаларга далда бериш фақатгина оқсоқолларнинг масъулияти эмас. Павлус барча масиҳийларни «тингловчиларга фойда келтириш учун, зарур бўлганда уларни мустаҳкамлайдиган эзгу сўзларни» гапиришга ундаган. (Эфес. 4:29) Ҳар биримиз бошқаларга нима «зарур» экани ҳақида фикр юритишимиз лозим. Павлус иброний масиҳийларга шундай маслаҳат берган: «Бўшашган қўлларингизни, мажолсизланган тиззаларингизни бақувват қилинглар. Оқсаган оёқларингиз чиқиб кетмасин, аксинча соғайсин, дея оёқларингиз учун текис йўл ҳозирланглар». (Иброн. 12:12, 13) Ҳаммамиз, жумладан, ёшлар ҳам далдали сўзларни айтиб, бир-биримизни мустаҳкамлай оламиз.
Маънавий марваридлар
g19.3 6-саҳ., 3-хб.
НИМА ҚИЛИШИНГИЗ МУМКИН? Жаҳл сизни бошқармасидан аввал, сиз уни бошқаришни ўрганинг. Айримларнинг фикрича, жаҳлга эрк бериш кучлилик белгиси, аслида эса бу заифликдир. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Жаҳлини тия олмайдиган одам девори қулаган, деворсиз шаҳар кабидир». (Ҳикматлар 25:28) Жаҳлни назорат қилишнинг энг яхши йўли — вазиятга муносабат билдиришдан аввал барча тафсилотларни билиб олиш. Худонинг Каломида: «Фаҳм-фаросатли жаҳлини тия олади»,— дейилган. (Ҳикматлар 19:11) Масалага атрофлича ёндашиб, фаҳм-фаросатни намоён этсангиз, ҳис-туйғуларингизни жиловлаш осонроқ бўлади.
11–17 АВГУСТ
АЛЛОҲ КАЛОМИДАГИ ХАЗИНАЛАР ҲИКМАТЛАР 26
Нодонлардан узоқроқ юринг
it-2 729-саҳ., 6-хб.
Мавсумлар. Ваъда қилинган юртда иккита асосий фасл, яъни ёз ҳамда қиш қурғоқчилик ва ёмғир мавсуми бўлган, деб айтиш мумкин. (Зб 32:4; Қўш 2:11, изоҳни солиштиринг.) Тахминан апрелнинг ярмидан то октябрнинг ярмигача у ерда жуда кам ёмғир ёғарди. Бу мавсумда йиғим-терим ишлари олиб бориларди ва ёмғир деярли бўлмасди. Ҳикматлар 26:1 га кўра, ёмғирли об-ҳаво йиғим-терим мавсумига хос эмасди. (1Шҳ 12:17–19 ни солиштиринг.)
w87 1/10 19-саҳ., 12-хб.
12 Ҳикматлар 26:3 да: «Қамчи от учун, сувлуқ эшак учун, таёқ аҳмоқнинг орқаси учундир»,– деб ёзилган. Чиндан ҳам, айрим одамларга нисбатан кучлироқ чоралар кўриш талаб этилиши мумкин. Масалан, баъзи пайтларда Яҳова исроилликларни улар ўзлари орттирган муаммолари орқали бўйсундирган. Бу ҳақда қуйидагиларни ўқиймиз: «Улар Худонинг сўзларига қарши исён кўтариб, Тангри Таолонинг ўгитларини назар-писанд қилмас эди. У қийинчиликлар орқали уларнинг қалбини бўйсундирди. Улар қоқилганда, ёрдам берадиган ҳеч ким топилмади. Оғир кунларда Яҳовадан ёрдам сўраб ёлворганда, У азоб-уқубатдан уларни қутқарди». (Забур 107:11–13)
it-2 191-саҳ., 4-хб.
Доно шоҳ Сулаймон шундай ёзган: «Ишини нодонга топширган одам оёғини майиб қилиб, ўзига зиён келтирганга тенг». Дарҳақиқат, нодонга бирон ишни қилишни топширган инсон ўзига зиён келтиради. Чунки у топширган иш қилинмайди ва бундан унинг ўзи зарар кўради. (Ҳк 26:6)
Маънавий марваридлар
18 Албатта, тушунарли қилиб гапирсак ҳам бу баъзилар биз айтаётган нарсаларни қабул қилиши учун етарли бўлмаслиги мумкин. Бироқ хушмуомала ва мулойим бўлиб гапириш бунда ёрдам бера олади. (Колосаликларга 4:6 ни ўқинг.) Эътиқодимиз билан бўлишиш худди коптокни улоқтиришга ўхшайди. Коптокни аста ёки зарб билан отишимиз мумкин. Аста отганимизда бошқа ўйинчилар уни бемалол ушлаб олиб, ўйинни давом эттира олишади. Худди шу каби, агар фикрларимизни хушмуомалалик ва мулойимлик билан етказсак, инсонлар бизни тинглашга ва суҳбатни давом эттиришга мойилроқ бўлишади. Баҳсда ғолиб чиқишни ёки эътиқодимизни масхара қилишни хоҳлаган инсон билан суҳбатни давом эттиришга мажбур эмасмиз. (Ҳик. 26:4) Бироқ бундай инсонлар кўп эмас, аксарияти бизни тинглашга тайёр.
18–24 АВГУСТ
АЛЛОҲ КАЛОМИДАГИ ХАЗИНАЛАР ҲИКМАТЛАР 27
Чин дўстларнинг бизга қандай фойдаси бор?
12 Камтар киши маслаҳат учун миннатдор бўлади. Тасаввур қилинг, Йиғилиш залидасиз. Бир нечта имондошингиз билан суҳбат қургач, улардан бири сизни четга чақириб, тишингиз орасида овқат қолдиғи борлигини секингина айтади. Албатта, бундан хижолат бўласиз. Аммо имондошингиз бу ҳақида айтгани учун миннатдор бўласизми? Шубҳасизки, буни эртароқ айтишларини истаган бўлардингиз. Шунга ўхшаб, имондошимиз жасорат ила биз муҳтож бўлган маслаҳатни берганида, камтаринлик ила ундан миннатдор бўлишимиз зарур. Уни душман эмас, дўст деб биламиз. (Ҳикматлар 27:5, 6 ни ўқинг; Галат. 4:16)
13 Биродару опа-сингилларимиз билан яқиндан мулоқот қилиб, ўзимиз учун чин дўстлар ва яхши суҳбатдошлар орттирамиз. (Ҳик. 18:24) Мана бир мисол. Паула исмли имондошимиз атиги 5 ёшда бўлганида, онаси ҳақиқатдан кетиб қолди. Паула учун бу синовга дош бериш осон бўлмади. Аммо Пауланинг жамоатидаги Ан исмли опамиз унинг маънавийлиги тўғрисида қайғуриб, унга шахсий қизиқиш кўрсатганида, у анча далда олганди. «Гарчи Ан менга қариндош бўлмаса-да, у менга ғамхўрлик қилиб, ёрдам қўлини чўзди. Бу менга Яҳовага хизмат қилишни давом эттиришга кўмаклашди»,— деб бўлишди Паула. Ҳозир у Яҳовага садоқат ила хизмат қилмоқда. Паула ойиси билан яна елкама-елка битта жамоатда хизмат қилаётганидан ўзини жуда бахтиёр ҳис этмоқда. Ан ҳам хурсанд, чунки у Паула учун маънавий она каби бўлди.
7 Йўшнинг ёмон қароридан олишимиз мумкин бўлган сабоқлардан бири шуки, биз Яҳовани яхши кўрадиган ва Уни хурсанд қилишни истайдиган инсонлар билан дўстлашишимиз керак. Сабаби улар бизга ижобий таъсир қилади. Дўст танлаётганингизда унинг ёшига эътибор берманг. Ёдингизда бўлсин, Йўш Ёҳайидодан анча кичик бўлган. Танлаган дўстларингиз борасида ўзингиздан қуйидагича сўранг: «Улар Яҳовага бўлган имонимни мустаҳкамлашга ёрдам беряптими? Худонинг меъёрлари бўйича яшашга мени ундаяптими? Улар Яҳова ҳамда Унинг қимматбаҳо ҳақиқатлари тўғрисида гапиряптими? Худонинг меъёрларига ҳурмат намоён этяптими? Улар мен эшитишни хоҳлаган нарсани айтяптими ёки керак бўлганида менга маслаҳат беряптими?» (Ҳик. 27:5, 6, 17) Очиғини айтганда, агар дўстларингиз Яҳовани яхши кўрмаса, унда уларнинг сизга кераги йўқ. Аммо дўстларингиз Яҳовани яхши кўрса, улардан айрилманг. Сабаби улар сизга доим ёрдам беради! (Ҳик. 13:20)
Маънавий марваридлар
27:21. Биз ҳақиқатан ҳам қандай эканлигимизни мақтов орқали билиб олишимиз мумкин. Камтарин бўлсак, барча ютуқларимиз Яҳовадан келганини тан оламиз. Бундай мақтовлар хизматимизни давом этишга ундайди. Бироқ мақтов ғурурланишга сабаб бўлса, камтаринлик етишмаслигидан далолат беради.
25–31 АВГУСТ
АЛЛОҲ КАЛОМИДАГИ ХАЗИНАЛАР ҲИКМАТЛАР 28
Одил ва ёвуз инсоннинг фарқи
w93 15/5 26-саҳ., 2-хб.
«ЁВУЗ уни ҳеч ким қувмаса ҳам қочади, одил эса шер каби довюракдир». (Ҳикматлар 28:1) Одил инсон имонни намоён этади, аминлик билан Аллоҳнинг Каломига таянади ва хавф-хатарларга қарамай, Яҳованинг хизматида жасорат кўрсатади.
ОХИРЗАМОН ўз ниҳоясига яқинлашиб қолган экан, ёвуз инсонлар «майса каби ўсиб кетяпти». (Заб. 92:7) Шу боис ахлоқий меъёрларга ҳеч ким амал қилмаётгани ажабланарли эмас. Шундай муҳитда яшар эканмиз, қандай қилиб «ёмонликка нисбатан ёш болалардай, идрок этишда эса етук кишилардай» бўла оламиз? (1 Кор. 14:20)
2 Бу саволнинг жавобини очқич оятдан топишимиз мумкин. Унда айтилганидай, «Яҳовани излаганлар барча нарсани», яъни Уни мамнун этиш учун зарур бўлган ҳамма нарсани англайди. (Ҳик. 28:5) Шунга ўхшаш фикр Ҳикматлар 2:7, 9 да ҳам бор. Бу оятларга кўра, Яҳова «доноликни тўғри одам учун сақлайди». Натижада у тўғрилик, адолат ва ҳаққоният нималигини тушунади, яхшилик йўлларини англаб етади.
it-1 1211-саҳ., 4-хб.
Инсон иродали бўлгани учун эмас, балки Яҳовага қаттиқ ишонгани ҳамда Унга ва Унинг нажотбахш қудратига таянгани учунгина бенуқсонликни сақлай олади. (Зб 25:21) Худо бенуқсонлик йўлида юрганлар учун «қалқон» ва қўрғон бўлишни, яъни уларни ҳимоя қилишни ваъда беряпти. (Ҳк 2:6–8; 10:29; Зб 41:12) Бенуқсонлик йўлида юрганлар доим Яҳованинг розилигини олишга интилгани учун уларнинг ҳаёти барқарор бўлади, бу эса уларга қўйган мақсади томон чалғимасдан ҳаракат қилишга кўмаклашади. (Зб 26:1–3; Ҳк 11:5; 28:18) Гарчи, саросимага тушган Аюб айтганидек, айбсиз инсонлар ёвузлар қўлидан азоб чекиб, улар каби ҳаётдан кўз юмса ҳам, Яҳова бенуқсон инсонлар нималарни бошдан кечираётганини билишига, уларнинг мероси сақланиб қолишига, келажаги тинч-осойишта бўлишига ва улардан Ўз неъматини дариғ тутмаслигига ишонтиряпти. (Аюб 9:20–22; Зб 37:18, 19, 37; 84:11; Ҳк 28:10) Аюбнинг мисолидан кўриняптики, инсоннинг қадри унинг бойлиги билан эмас, бенуқсонлиги билан ўлчанади ва айнан бу уни ҳурматга сазовор қилади. (Ҳк 19:1; 28:6) Бундай инсоннинг фарзандлари бахтли ҳисобланади (Ҳк 20:7), чунки отаси бенуқсон ҳаёт кечириб, уларга ажойиб мерос қолдиради, яъни у яхши ном ва ҳурмат орттиргани унинг фарзандларига фойда келтиради.
Маънавий марваридлар
16 Биз нафақат етук бўлишимиз, балки бу жараён тўхтаб қолмаслигига интилишимиз лозим. Бунинг учун ўзимизга ҳаддан ташқари кўп ишонишдан эҳтиёт бўлиш талаб этилади. (1 Кор. 10:12) Тўхтаб қолмаганимизга амин бўлиш учун ўзимизни «синаб» туришимиз керак. (2 Кор. 13:5)